Оқсил касаллиги.
(Ящур)
Оқсил касаллиги, оқсил вируслари қўзғатадиган оғиз бўшлиғи ва бурун шиллиқ пардаларининг яллиғланиши бармоқлар терисининг зарарланиши, ҳамда иситма билан таърифланадиган ўткир юқумли касалликдир.
Этиологияси. Оқсил вирусини 1897 йилда Лёфлер, Фреиц ва Уленгутлар кашф этган. Бу вируснинг 8 хили маълум, улар тирик тўқималарда кўпаяди. Оқсил касаллиги вирусли ҳайвонлар организмида оқсил касаллигидан соғайгандан кейин ҳам бир неча ой давомида, сутларда эса ўндан ҳам узоқ вақт тирик туради. Мол сўйилгандан сўнг дарҳол музлатилган гўштда бир ойдан кейин ҳам ҳалок бўлмайди. Лекин, музлатилмаган янги гўштда, аксинча, 12-24 соат мобайнида ҳалок бўлиб кетади.
Эпидемиологияси. Инфекциянинг асосий манбаи оқсил билан касалланган ҳайвонлар: қорамоллар, қўйлар, эчкилар ва чўчқалардир. Оқсил вируси касал ҳайвоннинг сути, ахлати ва сийдиги асосан сўлаги билан чиқиб туради. Вирус чиқиши касалликнинг яширин даврида бошланади ва иккинчи ҳафта охирига келиб тўхтайди. Оқсилдан соғайган ҳайвонларнинг баъзилари узоқ вақт вирус ташиб юради.
Оқсил ҳайвонлардан одамларга алиментар ва контакт йўл билан юқади. Касал сигир ва эчкиларнинг сути ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш оқсил юқишига сабаб бўлади. Ана шу ҳайвонларнинг ахлати, уларнинг парваришига тутиладиган буюмлар ҳам юқумли ҳисобланади. Кузда музлаб қолган гўнгда вирус то кўкламгача сақланиши мумкин.
Оқсил респиратор йўл билан ҳам юқиши мумкин. Бу касалликка айниқса болалар кўпроқ берилувчан бўладилар.
Касаллик ривожи. Вирус ҳазм йўли ёки тери орқали организмга киргач шиллиқ пардаларга ўрнашиб олиб кўпаяди. Кейин қонга ўтиб бутун организмга тарқалади.
Шу даврда касалликнинг асосий белгилари пайдо бўлади. Патологик ўзгаришлар асосан шиллиқ пардаларда ва тери остида рўй беради. Тери қатламининг чуқур қаватлари шишади, улардан суюқлик чиқа бошлайди.
Касалликнинг кечиши. Яширн даври 3-8 кун давом этади. Бемор эти увишиб, қалтирайди, ҳарорати 38-39 даражагача кўтарилади, боши ва бўғинлари оғрийди, дармони қурийди. Оғзи қақрайди, чайнаш вақтида оғиз шиллиқ пардаси оғрийди, сўлаги оқади. Баъзан бемор қусади, ичи кетади.
Оғиз бўшлиғи, тил, халқум, танглай шиллиқ
пардалари қизариб, шишиб туради, кейин қизил доғлар пайдо бўлади ва улар 1-
Оқсил болаларга осонроқ юқади, айни вақтда ўткир гастроэнтерит (ошқозон ичак фаолиятининг бузилиши) аломатлари кўрилади. Тез-тез қон аралаш ичи кетади, ҳарорат кўтарилади, қорин оғрийди ва кўнгли айниб қусади. Касаллик ўртача 5-7 кун давом этади. 10-15 кундан кейин бемор бутунлай соғаяди.
Ташхиси. Оқсилга характерли симптомлар яққол кўринган холларда ташхизни аниқлаш осон. Бошқа холларда ташхисни аниқлашда эпидемиологик ва эпизоотологик далиллар муҳим рол ўйнайди. Оқсилнинг лаборатория диагностикасида вирусологик, серологик, биологик усуллар қўлланилади.
Ўхшаш касалликлардан фарқлаш. Оқсилни тошмали стоматит, герпетик инфекция, сувчечак, энтеровируслар қўзғатадиган касалликлардан фарқлаш керак. Тошмали стоматитда оғиз бўшлиғидан ташқари лунж, бурун, юқори лабда ҳам пуфакчалар катталашади, кўз қизарган бўлади. Сувчечакда тошма беморнинг юзида, бошида ҳам бўлади. Пуфакчалар тагида инфильтрат бўлмайди. Эпидемиологик анамнез ва лаборатория усуллари ташхисни аниқлаштиради.
Давоси - бемор камида 14 кун касалхонада даволанади. Беморга бир кунда 5-6 марта суюқ овқатлар, ҳамда кўп миқдорда суюқлик берилади. Баъзан бемор зонд орқали овқатлантирилади. Оғиз бўшлиғи чайиб тозалаб турилади. Зарарланган жойга биринчи кундан бошлаб турли суртма дорилар, яъни малҳамлар қуйилади. Касаллик оғир ўтганида дезинтоксикация ва оғриқ қолдириш чоралари амалга оширилади. Иккиламчи инфекция пайдо бўлганида антибиотиклар ишлатилади.
Профилактикаси хом сут ичиш хавфли. Беморлар билан мулоқатда бўлганда эҳтиёт чораларига эътибор қилиш керак. Ҳайвонлар орасида оқсилга қарши кураш чоралари ветеринария хизматига юклатилади.